Журнал ҳақида

ЯНГИ ЖУРНАЛ: ЎЗБЕК, РУС ВА ИНГЛИЗ ТИЛЛАРИДА

Унда тил ва адабиёт таълимининг долзарб масалалари

янада кенгроқ ёритилади

    Ассалому алайкум, Азизларимиз!

      Сизни ҳамиша Азизларимиз, дея қалбимизга яқин оламиз. Зеро, йиллар давомидаги дўстона ҳамкор-ҳамфикрлигимиз олдимиздаги олий мақсад — ёш авлоднинг ўз она тили  ва адабиёт ҳамда  хорижий тилларни мукаммал ўрганган ҳолда маънавий баркамол шахс бўлиб камол топишига ҳисса қўшишда кўмак бўлаётганидан бахтиёрмиз. Бугунги глобаллашув даврида Сўзнинг қудрати ҳар қачонгидан ошган. Сўз, тил — барча билимларнинг асоси. Алифбони ўрганмасдан билимлар оламига кириб бўлмаганидек, тарбия-одоб, яъни «адаб»нинг асоси бўлган Адабиётсиз комилликка эришиш душвор. Хорижий тилларни билиш эса билимлар сандиғини очиш учун бир неча калитга эга бўлишга тенглиги ҳақиқат.

Ирмоқлар қўшилиб уммонга айланади. Шу маънода, «Соғлом бола йили»да халқимиз кўнглидаги ободлик, фаровонлик сабабли эришилган марраларга таълим тизими ходимларининг ҳам дахлдорлиги қувонч келтиради. Ватанимиз равнақи йўлидаги меҳнатларимиз самарасида, энг аввало, Ўзбекистонимизнинг халқаро ҳамжамиятдаги ўрни янада мустаҳкамланиб бормоқда. Юртимиздаги тинчлик ва барқарорлик эса оилаларнинг ҳам тотувлиги, фаровонлиги ва фарзандлар ёруғ истиқболига асос бўлмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 22 йиллигига бағишланган тантанали маросимда  Юртбошимиз таъкидлаганидек, «…биз бундан 17 йил олдин қабул қилган, қўлга киритаётган барча ютуқ ва марраларимизнинг омили ва замини бўлган, ҳаммамизни, аввало, болаларимизнинг онгу тафаккурини, ҳаётга бўлган муносабатини тубдан ўзгартирган Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ва истиқболли мактаб дастури ҳақида алоҳида тўхталиб ўтишимиз зарур, деб ўйлайман. 

    Эски тизимнинг қолип ва ақидаларидан холи бўлган, мустақил фикрлайдиган ва ҳаётга теран қарай­диган, Ватанимиз тақдири ва келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир куч сифатида майдонга чиқаётган бугунги ёш авлодимиз айни шу дастурларнинг, биз амалга ошираётган тарбиявий ишларимизнинг маҳсули, десам, ҳеч қандай хато бўлмайди».

Дарҳақиқат, таълим-тарбия — инсоният цивилизацияси асоси. Бусиз шахс камолоти, жамият, давлат тараққиётини тасаввур қилиб бўлмайди. Инсон онгу тафаккури эса, энг аввало, она тили, она алласи (адабиёт!) асосида шаклланади. Демак, бугунги ёшларимизнинг маънавий баркамол вояга етишида тил ва адабиёт таълими соҳасида самарали меҳнат қилаётган ёш илмий тадқиқотчидан тортиб, амалиётчи педагогу улуғ тилшунос ва адабиётшунос олимларимиз ҳамда ёзувчи-шоирларимизнинг ҳиссасини алоҳида эъти­роф этиш ўринли.

Табиийки, илм-фан доимо янгиликка, такомиллашувга эҳтиёж сезади. Бу эса ҳар бир мутахассисдан ўз устида доимий ишлашни, янгиликларга ҳамоҳанг бўлишни ва, албатта, уни ўз амалий фаолиятига татбиқ этишни тақозо этади. Мазкур тамо­йил, айниқса, ўқитувчи-педагог зиммасига алоҳида масъу­лият юклайди. Зотан, муаллимнинг ҳар бир дарси, унинг ҳар дақиқаси ўқувчи учун янгилик бўлмаса, 45 дақиқалик машғулот бесамар кетиши хавфи бор. Чунки бир лаҳзага фикри дарс­дан чалғиган ўқувчини ўқиш, ўрганиш руҳиятига қайтариш осон кечмаслиги маълум.

Шу боис ҳар бир ўқитувчи амалиёт давомида дои­мий методик ёрдамга эҳтиёж сезиши табиий. Бунда эса кўплаб омиллар қатори таълим тизимидаги ихтисослашган оммавий ахборот воситалари — маърифий, илмий-методик нашрларнинг ўз ўрни бор. Зеро, у узоқ ҳудудлардаги таълим муассасаларига-да доимий кириб бориб, ўқитувчи иш столида ҳамиша ёрдамга ҳозир восита.

Бугунги кунда ҳар бир нашр ўз ўқувчисини топишга интилмоқда. Шу нуқтаи назардан, таҳририятимиз жамоаси ўқитувчи-мураббийларнинг, айниқса, тил ва адабиёт таълими мутахассисларининг талаб, таклифларини мунтазам ўрганиб, нашрларни уларнинг методик эҳтиёжига мос равишда тайёрлашни ўзининг устувор вазифаси деб билади. Бу борада Халқ таълими вазирлигининг ташаббуси билан ҳар йили анъанавий равишда ташкил этилаётган «Матбуот кунлари» тадбирларининг самараси катта бўлмоқда. Негаки мазкур тадбирлар орқали таҳририят жамоаси томонидан журналлар мазмун-мундарижасини имкон қадар бойитиш юзасидан кўплаб таклиф, мулоҳаза ва айрим ўринда фойдали танқидий фикрлар олинаётгани истиқбол режаларини тузишда асқатмоқда.

Эътироф этиш жоизки, муаллим-муштарийларимиз томонидан таҳририят фаолияти, журналлар мазмун-мундарижасини бойитишга доир билдирилган ҳар бир таклиф, мулоҳаза замирида ўқувчиси тақдири, унинг келгусида етук мутахассис сифатида жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш мақсади мужассамлиги қувонарлидир. Шу нуқтаи назардан, таҳририят жамоаси ҳам журналларни янада такомиллаштириш, унинг мазмун-мундарижасини бойитиш борасидаги изланишларини давом эттирмоқда.

Бу борада янги 2015 йилдан татбиқ этилаётган дастлабки янгилик: «Тил ва адабиёт таълими» ҳамда  «Преподавание языка и литературы» журналлари бирлашганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Албатта, сергак ўқувчида журналлар яхлитланишининг қандай ижобий томонлари бор, деган савол туғилиши табиий.

Биринчидан, журналларнинг бирлаштирилиши асосида 1991 йилдан буён дастлаб ҳар икки ойда, яъни  йилига атиги 6 та сон,  сўнгги тўрт йилдан буён эса бир йилда саккизта сон чоп этиб келинаётган «Преподавание языка и литературы» журнали янги йилдан  «Тил ва адабиёт таълими» – «Преподавание языка и литературы» – «Language and literature teaching» журнали таркибида ҳар ойда, демак, йилига ўн иккита сон нашр этилади. Бу эса рус тилида сўзлашувчи ўқитувчиларнинг ҳам тил ва адабиёт таълимига доир ҳар ойлик янгилик ва воқеа­лардан ўз вақтида ва доимий бохабарлигини таъминлайди.

Иккинчидан, Президентимизнинг «Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига кўра журналларда эълон қилинаётган хорижий тилларнинг ўқитилиши ва методик хизмат кўрсатишга доир материаллар мазмундорлигини бойитиш ва ҳажмининг ҳам кенгайишига шароит яратилмоқда. Яъни ўтган йилларда ўзбек ва рус тилларида таржима асосида эълон қилинган «Келинг, инглиз тилини ўрганамиз!» ҳамда «Teaching English» каби рукндаги материалларнинг такрорланмаслиги қўшимча маълумотларга жой қолдирмоқда.

Учинчидан, тил ва адабиёт таълими ўқитув­чиларининг тил ўрганишга қизиқиши юқорилиги боис бир журнал воситасидаёқ ўзбек, рус, инглиз тилларида долзарб мавзудаги материалларни қиёсий ўрганиш имконияти кенгаймоқда. Бу эса ўқитувчининг ўз устида ишлаши ва илмий-амалий тажрибасини узлуксиз ошириб боришига ҳисса қўшса ажаб эмас.

Тўртинчидан, айнан шу пайтгача ўзбек ва рус тилларидаги материалларга қизиқувчи муштарийларимиз ҳар иккала журналга обуна бўлиб, қўшимча маблағ сарф қилган бўлса, нашрларнинг ўз ҳажмини сақлаб қолган ҳолда бирлаштирилиши иқтисодий тежамкорликка ҳам омил бўлганини таъкидлаш мумкин.

Албатта, бу йил ҳам таҳририят ижодий жамоаси ўрганилган таклифлар асосида журнал мазмун-мундарижасида бир қатор янги рукнларни ташкил этишни режалаштирмоқда. Жумладан, кейинги йилларда мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий, иқтисодий-маданий ҳаётида рўй берган ўзгаришлар давлатнинг рамзий белгиларидан бири, алоқа-аралашувнинг муҳим воситаси, ижтимоий-руҳий ҳодиса бўлган тил ва тилшунослик тараққиётида ҳам янги давр­ни бошлаб берди. Мустақил давлатнинг расмий тили сифатида ўзбек тилининг софлиги, тўғрилиги, меъёрийлигига бўлган талаб янада ортди. Тилнинг тўғрилигини имловий, пунктуацион, услубий саводхонлик даражаси белгилаб беради. Инсоннинг оғзаки ва ёзма нутқида маънавий маданияти акс этиб туради. Аммо сўнгги йилларда имловий ва услубий меъёрларга қараганда тиниш белгиларини қўллаш билан боғлиқ орфографик қоидаларнинг бузилиши тез-тез кўзга ташланиб қолмоқда. Айниқса, нуқта, вергул, тире каби кўп функцияли тиниш белгиларининг лоқайдлик билан пала-партиш ишлатилиши ёзув маданиятига, у орқали миллий маданиятга путур етказмоқда. Албатта, бунда ўз даврида кўп ўринларда пунктуациянинг умумий меъёрларидан (пунктуацион калка) келиб чиқиб ёндашилганлиги;

– ёзувнинг ўзгариши;

– истиқлолдан сўнг ўзбек тили грамматикасининг миллий нуқтаи назардан тадқиқ қилиниши натижасида тилнинг грамматик қурилиши талқинида юз берган ўзгаришлар;

– адабий тил услубларининг тараққий этиши, ёзма нутқ маданиятининг ўсиши;

– матбаачилик, матбуот, нашриёт ишларининг тараққий этиши;

– компьютер лингвистикаси тараққиёти – тиниш белгиларининг электрон матнларда автоматик қўлланиши билан боғлиқ кўпгина объектив ва субъектив сабаблар мавжуд.

Ваҳоланки, ўтган давр орасида ёзув ўзгарди – миллий ёзув шаклланди, имло қоидалари янгиланди, тил қурилиши талқинида ислоҳотлар юз берди, тиниш белгилари зиммасига юкланган вазифалар кенгайди. Шундан келиб чиқиб, журналнинг янги йилдаги илк сонидан «Пунктуация қоидалари» рукнида филология фанлари номзоди, доцент Башорат Баҳриддинованинг дарслари узлуксиз бериб борилади.

Шунингдек, адабиёт фанини ўқитиш самарадорлигини ошириш мақсадида «Адабиёт қоидалари» рукни ташкил этилмоқда. Унда ЎзР ФА Тил ва адабиёт институти мутахассислари томонидан адабиёт назариясига доир илмий қоида ва янгиликлар дарс сифатида ўқувчиларга тушунарли тарзда узлуксиз бериб борилиши назарда тутилмоқда.

«Амалиёт саралаган таклиф» рукни эса ўқитувчи-педагогларимиз таълим жараёнида дуч келаётган муаммо ва уларнинг ечимларига доир таклифларини илмий жамоатчилик эътиборига ҳавола этишга хизмат қилади. Табиийки, илм-фан доимо такомиллашувга эҳтиёж сезади. Шу маънода, мазкур рукнда тил ва адабиёт таълимининг илмий назарияси ва амалиётидаги номутаносибликлар ва уларнинг ҳал этилишига доир мутахассис таклифлари эътиборсиз қолмаслиги тайин.

Мазкур янгиликлар, энг аввало, Сиз, азиз муштарийларимиздан доимий фаоллик ва кузатувчанликни талаб этади. Шунингдек, юқоридаги каби янгиликларга ҳамоҳанг ҳолда анъанавий рукнлар ҳам янгича қараш ва услубда давом эттирилади. Жумладан, инглиз тилидаги материаллар серия­сини «Teaching English», жорий йилда юбилейи нишонланадиган буюк ёзувчи-олимлар ҳақидаги қўшимча материалларни «Кўргазмали восита»лар шаклида журналга илова сифатида ўзбек, рус, инг­лиз тилларида бериб бориш давом этади. «Мумтоз асар», «Ҳошиядан ташқари», «Учрашув» каби муштарийлар қалбидан жой олган рукнлардаги материаллар ҳам янги руҳ ва талқинда эълон қилиниб борилади.

Ҳар бир янгилик амалиётда ўз самарасини бергандагина қадрли бўлади, эътироф топади. Шу маънода, журналлардаги кичик бўлса-да ўзгариш, янгиланиш эътиборга, янада ривожлантириш учун ташаббус ва таклифга муҳтож. Бунда эса, энг аввало, Сиз, азиз муштарийларимизнинг фикр-мулоҳаза, таклиф ва бой тажрибангизга таянамиз.

Ўз навбатида, ўтган йили журналларимизда долзарб мавзудаги мақолалари, илғор тажрибалари билан иштирок этган муаллифларимизга миннатдорлик билдирган ҳолда ҳамкорликни давом эттиришга чорлаймиз.

Ижодий ҳамкорлигимиз бардавом бўлсин!

 

 

 

Раҳбарнинг Ф.И.Ш: Жовлиев Баҳодир Ҳасанович

Ташкилотнинг юридик манзили: 100129, Тошкент шаҳри, Навоий кўчаси, 30-уй

Телефон/факс: (99871) 244-04-15, 244-04-18

Веб-сайт: www.tilvaadabiyot.uz

Электрон почта манзили: til_adabiyot@umail.uz, tiladabiyot@mail.ru